ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БАНДЛИК ВА МЕҲНАТ МУНОСАБАТЛАРИ ВАЗИРЛИГИ

МЕҲНАТ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ РЕСПУБЛИКА КУРСЛАРИ

МЕҲНАТ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ РЕСПУБЛИКА КУРСЛАРИДА МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ ШАКЛИДА МАЛАКА ОШИРАЁТГАН ТИНГЛОВЧИЛАР УЧУН ЙЎРИҚНОМА

 

Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсларида масофавий таълим шаклида малака ошираётган  тингловчилари учун ўқув курсининг ички тартиб интизомига риоя қилиши юзасидан

ТАЛАБЛАР

 Ҳурматли малака ошириш курслари тингловчилари!

 Сиз бугун Меҳнат органлари ходимлари малакасини ошириш республика курсларининг масофавий таълим шаклида малака ошириш тингловчилари сафига қабул қилиндингиз!

 Бугундан бошлаб сиз ўқув курсининг тингловчиси сифатида қуйидаги ички тартиб интизомларига қатъий риоя қилишингиз лозим.

I.Умумий қоидалар:

  1. Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали малака ошириш онлайн (видеомаърузалар, маслаҳатлар, назорат турларини масофадан туриб реал вақт режимида ўтказиш) ва оффлайн (масофавий таълим тизимидаги тегишли ўқув-услубий ресурсларни мустақил равишда ўзлаштириш) шаклида амалга оширилади.
  2. Масофадан туриб амалга ошириладиган таълим ахборот-коммуникация технологияларига асосланади, тегишли соҳа йўналишларнинг ўқув дастурига мос ҳолда ишлаб чиқилган ўқув-услубий ресурслар асосида ва асосий ишдан ажралмаган ҳолда ташкил этилади.
  3. Масофавий таълимнинг асосий вазифалари:

Меҳнат органлари ходимларини сифатли таълим олиш ва интеллектуал қобилиятларини ривожлантиришда шахснинг эҳтиёжларини қондириш;

- мутахассисларнинг касбий даражасини ошириш ва уларнинг мустақил билим олиш эҳтиёжларини қондириш;

- мамлакатнинг ҳар қандай ҳудудида ва унинг ташқарисида тенг таълим олиш имкониятларини тақдим этиш;

- ўқитишнинг замонавий технологияларини жорий этиш йўли билан таълим олиш сифатини ошириш;

- узлуксиз таълим олиш учун шарт-шароитлар яратиш ва интеллектуал салоҳиятни ривожлантириш;

- таълим хизматларининг барча турлари ва шаклларини такомиллаштириш ҳамда ривожлантириш;

- давлат талабларига мувофиқ модуллар асосида юқори сифатли ўқитишни таъминлаш.

  1. Масофадан туриб ўқитиш Республика курслари томонидан ишлаб чиқилган ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режа-график ва ўқув дастурлари асосида ташкил этилади.
  2. Ҳудудий Бандлик бош бошқармалари масофавий таълим тизимида малака оширадиган ходимлари тўғрисидаги рўйхатни шакллантириб, ушбу рўйхатни ўқув курси бошланишидан уч кун олдин Республика курсларига тақдим этади ва шу асосда Ресублика курслари директорининг буйруғи билан ходимлар масофавий таълим курси тингловчилари сафига қабул қиланади.

II.Сиз қуйидаги ҳуқуқларга эгасиз:

  1. Ўқув режалари ва ўқув дастурларида назарда тутилган, кўникма ва малакаларни эгаллаш;

        * Ўқув курси раҳбарига ўқув жараёнини янада яхшилаш ва малака ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиш;

        * Малака ошириш билан боғлиқ бўлган қўшимча маълумотлар ва маслаҳатлар олиш;

        * Республика курсида масофавий таълим шаклида олиб борилаётган машғулотлар сифати бўйича таклифларингизни беришингиз мумкин;

          * Тингловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

III. Cиз тингловчи сифатида қуйидагиларга мажбурсиз:

  1. Тингловчи:

ўқув курси учун белгиланган вақт ва муддат режимида тегишли ўқув материалларини модуллар кесимида тўлиқ ўзлаштириш;

модулни ўзлаштириш учун берилган топшириқларни ўқув курси режимида белгиланган вақтда ва шахсан бажариш;

Республика курслари томонидан берилган логин ва паролни ҳамда шахсий кабинетидан бошқа шахсларга фойдаланиш учун рухсат бермаслик;

ҳар бир мавзу натижаси бўйича назорат саволларини топшириш;

тизимда ташкил этилган семинар, конференция, давра суҳбати ва бошқа тадбирларда қатнашиш;

курс якуни бўйича белгиланган шаклдаги сўровномада иштирок этиш ва таклифлар билдириш.

  1. Республика курслари директорининг буйруғи билан масофавий таълим курсига қабул қилинган тингловчиларга  администратор томонидан тингловчиларнинг шахсий профили шакллантирилиб ҳар бир тингловчига алоҳида электрон логин ва парол берилади.
  2. Тингловчи ўзига тегишли логин ва парол ёрдамида Республика курсларининг «масофавий таълим платформаси»га кириб, ўзига тегишли маълумотларни тасдиқлайди ва тингловчига администратор томонидан ўқув ресурсларидан фойдаланишига рухсат берилади.
  3. Тингловчи «масофавий таълим платформаси»да жойлаштирилган ўқув курсига тегишли ўқув модуллари мавзу(маъруза, видеомаъруза, тақдимот слайдлари, глоссарий)лари билан танишади ва модуллар бўйича берилган топшириқларни бажаради. Тингловчи томонидан модуллар бўйича топшириқлар белгиланган кетма-кетликда амалга оширилади.
  4. Тингловчининг малака ошириш йўналиши бўйича дастлабки билим, кўникма ва малакасининг шаклланганлик даражасини аниқлаш учун кириш тести ўтказилади.
  5. Тингловчи малака ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш жадвалига қатъий амал қилиши ҳамда ўқув жараёнларида шахсан ўзи иштирок этиши ва ўқув курси бошланган кундан эътиборан икки кунлик муддатда масофавий таълим платформаси орқали шахсий маълумотларини тасдиқлаши шарт.
  6. Ўқув курси бошланган кундан эътиборан икки кунлик муддатда масофавий таълим платформаси орқали шахсий маълумотларини тасдиқламаган ва белгиланган ўқиш муддати давомида ўқув дастурини якунламаган тингловчи масофавий таълим курсидан ўтмаган деб ҳисобланади ва қайднома варақасида қайд этилади.
  7. Ўқув жараёнида 12 соатдан ортиқ дарс қолдирган тингловчилар ўқув курсидан четлаштирилади ва ўқув курси раҳбарияти номидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ва тингловчининг иш жойи раҳбарияти номига “Ўқув курси тингловчиси сафидан четлатилганлиги” ҳақида “Махсус хат” орқали хабар берилади.
  8. Тингловчилар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.

IV.Тингловчилар билимларини баҳолаш

  1. Масофавий таълим олувчиларнинг билимини назорат қилиш ва баҳолаш Республика курслари ички норматив ҳужжатларига ҳамда Масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали малака ошириш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ амалга оширилади.
  2. Меҳнат органлари ходимлари учун масофавий шаклда малака ошириш курсларини тамомлаган тингловчиларнинг билимлари кириш ва чиқиш тестлари ҳамда мавзулар бўйича назорат саволлари асосида баҳоланади.
  3. Синов имтиҳонини ташкил этиш ва ўтказиш комиссияси Республика курслари директорининг буйруғи билан тузилади. Комиссия аъзолари комиссия раиси ва камида икки нафар аъзодан иборат бўлади.
  4. Тингловчилар билан синов имтиҳони касбий фаолиятининг асосий йўналишлари ҳамда малака ошириш давомида дастур асосида ўтилган мавзулар бўйича ўтказилади. Синов имтиҳони ўтиш натижалари қайдномада «синовдан ўтди» ёки «синовдан ўтмади» деб қайд этилади. Комиссия раиси ва унинг аъзолари томонидан балл системада баҳоланади.
  5. Тингловчи ўқув режадаги ҳар бир модулни ўзлаштиргандан кейин тегишли назорат топшириқларини бажаради. Бунда тингловчига ҳар бир мавзу бўйича умумлашган 5 тадан 10 тагача назорат саволлари берилади. Назорат саволлари тегишли ўқув дастури мавзулари доирасида тузилади. Назорат саволларини бажармаган тингловчилар чиқиш тестига қўйилмайди ҳамда малака оширганлик тўғрисида сертификат ўрнига Республика курслари томонидан маълумотнома берилади.
  6. Тингловчи ўқув курси давомида ўқитилган барча мавзулар бўйича тузилган 30 тадан кам бўлмаган миқдорда чиқиш тестини оффлайн шаклида топширади. Масофавий таълим платформасида 30 та чиқиш тест саволига 45 дақиқа ажратилади. Чиқиш тест саволларининг натижаси дарҳол эълон қилинади. Максимал баллнинг 55 фоизидан юқори балл тўплаган тингловчи малака ошириш курсидан ўтган ҳисобланади. Белгиланган баллни тўплай олмаган тингловчилар малака ошириш курсидан ўтмаган ҳисобланади.
  7. Тингловчилар томонидан топширилган тест натижалари автоматик равишда масофавий таълим платформаси дастури орқали қайднома варақасида умумлаштирилади ва ушбу қайднома варақаси Ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича декан, тьютор ва администратор томонидан имзоланади. Мазкур қайднома варақасида тўпланган натижалар сертификат расмийлаштириш учун асос ҳисобланади.
  8. Масофавий таълим орқали малака ошириш бўйича таълим дастурларини муваффақиятли равишда ўзлаштирган ҳамда Республика курслари талабларини тўлиқ бажарган тингловчиларга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган намунадаги сертификат берилади.
  9. Меҳнат органлари ходимларининг масофавий шаклда малака ошириш натижалари юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ҳар бир гуруҳ бўйича маълумот бериб борилади.

     

РЕСПУБЛИКА КУРСЛАРИ МАЪМУРИЯТИ